Янгиликлар
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова вазирлик тизимидаги ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари ҳамда Педагогик маҳорат марказлари матбуот котиблари билан учрашув ўтказди
9 июнь 2026 йил
Учрашув давомида таълим тизимидаги матбуот хизматлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, ахборот сиёсатини такомиллаштириш ва жамоатчилик билан самарали мулоқотни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир ўз нутқида бугунги глобал ахборот маконида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига содда, тушунарли ва таъсирчан шаклда етказиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалаларга тезкор, холис ва асосли муносабат билдириш матбуот хизматларининг устувор вазифаларидан бири эканлиги қайд этилди.
Тадбир якунида матбуот котиблари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, соҳадаги долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Маълумот учун, жорий йилнинг 9–10 июнь кунлари «Замонавий матбуот хизмати: стратегик коммуникациялар ва рақамли контент» мавзусида ўқув-тренинглари ташкил этилмоқда.
Мазкур ўқувларда вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, Педагогик маҳорат марказлари ва тизим ташкилотлари матбуот котиблари иштирок этмоқда. Машғулотлар Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида ташкил этилган.